Пластик карта очиш бўйича оферта

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСГА БАНК КАРТАСИНИ ОЧИШ ВА УЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ БЎЙИЧА ОММАВИЙ

ОФЕРТА

 

АТ “Алоқабанк” (кейинги ўринларда Банк) ушбу билан қуйида кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишни таклиф қилади ва ушбу оферта билан тасдиқланган шартларнинг бажарилиши ушбу шартноманинг тузилиши эканлиги ва юридик аҳамиятга эга эканлигини эслатади:

1. АСОСИЙ ТУШУНЧА ВА АТАМАЛАР

1.1. Мазкур Офертада қуйидаги асосий тушунча ва атамалардан фойдаланилади.

Банк - Акциядорлик тижорат “Алоқабанк”нинг Бош офиси ва унинг филиаллари.

Банк картаси- ўз эгасига банк ҳисобварағи орқали банк картасининг амал қилиш муддати доирасида, нақд пулсиз шаклда ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи тўлов картаси.

Қўшимча банк картаси - Мижознинг хоҳишига кўра, ўз номига ёки унинг ишончли вакили номига (оила аъзолари), операцияларни олдин очилган банк карта ҳисобварағидаги пул маблағлари доирасида амалга ошириш учун чиқарилган банк картаси (ўзининг алоҳида ҳисобварағига эга бўлмаган банк картаси).

Халқаро карта -Банк эмитент томонидан эмиссия қилинган “VISA” банк картаси эгасига ундаги маблағлар доирасида банк ҳисобварағи орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ҳисобварағдан нақд пул олиш имконини берувчи халқаро тўлов воситаси.

Кобейдж карта -Банк эмитент томонидан эмиссия қилинган UzCard / UnionPay ва UzCard / МИР тўлов тизимларининг инфраструктурасидан фойдаланиб, банк картаси эгасига ундаги маблағлар доирасида банк ҳисобварағи орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ҳисобварағдан нақд пул олиш имконини берувчи халқаро тўлов воситаси.

Фойдаланувчи – Банк филиали, интернет тармоғидаги www.aloqabank.uz корпоратив веб сайти ёки “Aloqa Mobile” иловаси орқали банк картасини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича мурожаат қилган, Офертани акцептловчи жисмоний шахс.

Шартнома – Ушбу Офертани акцептлаш орқали Банк ва фойдаланувчи ўртасида масофадан туриб ёки банкка келиб, банк картасини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича тузиладиган битим.

Банк картаси ҳисобварағи - банк картаси воситасида ундаги пул маблағларини тасарруф этиш мумкин бўлган банк хисобварағи.

Банк картасининг блокировкаси -халқаро ва маҳаллий тўлов тизимининг қоидаларига, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ҳамда банк томонидан тасдиқланган “Банк карталаридан фойдаланиш қоидалари” га мувофиқ банк карталарини амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш бўйича банк томонидан кўрилган чора.

Тўлов тизими - товар, иш (хизмат) учун нақд пулсиз шаклда тўловларни амалга ошириш ҳамда нақд пул ечиш имконини берувчи махаллий ва халқаро тўловларга амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган тизим (Масалан: Uzcard, НUМО, VISA, UnionPay ва бошқа).

Банк тарифи – АТ “Алоқабанк” Бошқаруви томонидан тасдиқланган, банк карталари орқали банк операциялари амалга оширилганда, банк карталарни муомалага чиқаришда ва уларни янгисига алмаштириб беришда ундириладиган комиссион тўлов.

Минимал баланс қолдиғи (Суғурта депозити) - Банк карта ҳисобварағида сақланиши мажбурий бўлган пул маблағларининг минимал қолдиғи.

Банкдан ташқари тўлов тизими -Тўлов тизими белгилари ва унинг қоидаларини белгиловчи ва бундай турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар (CLICK, РАУМЕ, РАУNЕТ ва б.)

Масофавий банк хизматлари (МБХ) /Фақат халқаро карталар учун - Мижоз томонидан масофадан туриб телекоммунакация тизимларидан фойдаланган ҳолда узатиладиган (олинган) электрон алмашинувлар асосида кўрсатиладиган банк хизматлари тўплами. Жумладан:

  • SMS банкинг - пластик карточка воситасида амалга оширилган тўловларни назорат қилиш тизими. Оnline тарзда амалга оширилган ҳар бир тўлов ва картанинг жорий қолдиғи бўйича карта эгасининг телефонига SMS хабар келади.
  • Интернет тўлов - Банк карта эгасига Интернет тармоғи орқали электрон тўловларни амалга ошириш имконини тақдим этиш.

Ушлаб туриш (Ноld) - Банк картаси орқали мувофаққиятли амалга оширилган операция ва комиссия суммасини музлатиш.

Акцепт – Офертанинг тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиниши. Офертани Акцептлаш шартнома тузилганигини вужудга келтиради ва ҳуқуқий аҳамиятга эга.

  1. ШАРТНОМАНИНГ МАЗМУНИ

2.1. Оферта шартномасини акцептлаган фойдаланувчига банк ҳисобварағини (миллий валютада ва чет эл валютасида) очиш, банк карталарини чиқариш, шунингдек ушбу шартнома ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ банк картаси ҳисобварағига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар шартнома мазмуни бўлиб ҳисобланади.

3. ОФЕРТАНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ

3.1. Ушбу офертани акцептловчи барча шахслар (қуйида матнда «Фойдаланувчи» деб юритилади):

а) банк картасини очиш ва уларга хизмат кўрсатишдан манфаатдор;

б) банк картасининг очиш шартлари ва маълумотлари билан биз томонимиздан тақдим этилган “Шартлар” да танишиб чиққан;

в) Ўз ҳақидаги маълумотни очмаган ҳолда банк картасини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш мумкин эмаслигини тушунади, ва Банкка керакли маълумотни тақдим этишни истайди;

г) Тарафларнинг банк картасини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ҳаракати Банк филиали, интернет тармоғидаги www.aloqabank.uz корпоратив веб сайти ёки “Aloqa Mobile” иловаси орқали амалга оширилишини тушунади;

д) Банкдан ёзма ҳужжатлар Фойдаланувчига банк филиалидан ёки электрон шаклида Шахсий кабинетда тақдим этилиши мумкинлигини тушунади ва ҳужжатларни олишнинг бундай шаклини ўзи учун мумкин деб ҳисоблайди;

е) Оферта билан танишиб, офертада таклиф этилган барча шартларни тушунганлигини билдиради.

3.2. Ушбу оферта билан боғлиқ бўлган барча масалалар юзасидан 71-230-77-77 телефони орқали, info@aloqabank.uz электрон почта манзили орқали боғланиш мумкин.

4. ШАРТНОМАНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ (АКЦЕПТНИ ЮБОРИШ ТАРТИБИ)

4.1. Шартнома бўйича акцепт унинг матнида муносабатлар иштирокчисининг розилиги бўлган электрон хабар ёки Фойдаланувчининг ариза бериши орқали амалга оширилади.

4.2. Акцепт, агар шартномада бошқача кўзда тутилган бўлмаса, ахборот тизими томонидан автоматик аниқланадиган Банк томонидан уни олинганлиги ҳақида хабар юборилган ёки фойдаланувчи ариза берган пайтидан бошлаб олинган деб ҳисобланади.

5. АКЦЕПТНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ

5.1. Акцепт олинганидан кейин Банк Фойдаланувчига акцепт олинганлиги ҳақидаги хабарни юборади.

5.2. Акцепт Фойдаланувчининг Акцепт олинганлиги ҳақидаги хабарни олганидан кейин бекор қилиниши (чақириб олиниш) мумкин эмас.

5.3. Фойдаланувчига юборилган “Акцепт олинди” деган матнли хабар акцепт олинганлиги ҳақида хабар ҳисобланади.

6. БАНК КАРТАСИНИ ОЧИШ ВА УЛАРГА

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ШАРТЛАРИ

6.1. Фойдаланувчи томонидан банк картасини очиш юзасидан Банк филиали, интернет тармоғидаги www.aloqabank.uz корпоратив веб сайти ёки “Aloqa Mobile” иловаси орқали мурожаат тақдим қилинган кундан сўнг, кейинги иш кунидан кечиктирмай, фойдаланувчи номига банк карта ҳисобварағи ҳамда 3 (уч) кунлик муддатда банк картаси очилади.

6.2.  Банк карта ҳисобрақами очилиб, банк картаси чиқарилганидан кейин, Банк картаси фойдаланувчи банкка келган ҳолда ёки курьерлик хизмати орқали, унинг шахси идентификация қилинганидан кейин шахсан ўзига топширилади.

6.3. Фойдаланувчиларга банк карталари тўлов тизимлари қоидаларига мувофиқ равишда тақдим этилади.

6.4.  Банк картаси курьерлик хизмати орқали етказиб бериш, қўшимча ҳақ эвазига амалга оширилади. Қўшимча ҳақнинг миқдори Банк тарифларида белгиланади ва у Банкнинг махсус сайтларида жойлаштириб борилади.

6.5.  Банк картаси шартноманинг 6.1. -бандида белгиланган муддатда очилганидан кейин, қуйидаги муддатларда етказиб берилади:

  • НUMO, Uzcard ва Кобейдж карталари - 3 (икки) банк куни ичида;
  • VISA - Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида - 3 (уч) банк кунида/ Республиканинг бошқа вилоятларига - 5(беш) банк куни ичида.

6.6. Банк картасининг муддати, қартанинг олд томонида кўрсатилади. (Масалан: 03/24. - 31 март 2024 йил 23:59 қадар.)

6.7.  Банк карталари мазкур шартномада, тўлов тизимларининг қоидаларида, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибда Банк томонидан ёки ваколатли орган томонидан блокланиши мумкин.

6.8.  Банк картаси фойдаланувчи томонидан унинг ёзма мурожаати/банкнинг алоқа марказлари орқали ёки масофавий банк хизматларидан фойдаланган ҳолда блокланиши мумкин.

6.9. Тўлов тизимларининг қоидаларида биноан банк карта ҳисобварағида сақланиши мажбурий бўлган пул маблағларининг минимал қолдиғи шакллантирилади.

6.10. Фойдаланувчи банк картасидан фойдаланиш қоидалари ва йўриқномаларига амал қилиди.

6.11. Фойдаланувчи номига қўшимча банк картасини чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш қўшимча карта боғланаётган хисобварақ шартномаси билан тартибга солинади, агарда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса.

6.12. Халқаро карта Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланилганида, қабул қилувчи мамлакатнинг миллий валютасига белгиланган курс бўйича автоматик равишда конвертация қилинади.

6.13. Халқаро карта орқали амалга оширилган операциялар 30 (ўттиз) календарь кун ичида фойдаланувчи томонидан ёзма равишда эътироз билдирилмаган ҳар қандай операциялар амалга оширилган деб ҳисобланади.

6.14. Халқаро карта орқали амалга оширилган операциялар билан боғлиқ низолар, шу тўлов тизими қоидалари асосида кўриб чиқилади.

6.15. Банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиб туришдаТижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат” қоидаларига биноан амалга оширилади.

6.16. Банк картаси ҳисобварағидан чиқим қилинган эътирозли операциялар бўйича фойдаланувчи Банкка ёзма эътирознома аризасини тақдим қилади.

6.17. Банк фойдаланувчининг аризаси асосида тўлов тизимларининг “Операциялар бўйича мунозараларни ҳал қилиш’’ қоидалари бўйича белгиланган муддатларда кўриб чиқади.

  1. ТАРАФЛАР ЎРТАСИДА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

7.1. Фойдаланувчи банкнинг барча кўрсатилган хизмат ҳақини банк тарифи бўйича тўлашга розилик беради (https://aloqabank.uz/uz/page/interactive/tariffs).

7.2. Банк томонидан мазкур шартномага асосан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар акцептсиз равишда ҳисобдан чиқарилади. Фойдаланувчи кўрсатилган хизматлар учун тўловларни бошқа ҳисобварақлардаги маблағлардан нақд ёки нақд пулсиз шаклда ҳам амалга ошириши мумкин.

7.3. Банк банк Тарифларини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлиб, бунда банк Тарифларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида, улар кучга киришидан 10 кун олдин, хизмат кўрсатиш пунктларида, шунингдек банкнинг интернет тармоғидаги www.aloqabank.uz веб сайти саҳифаларида жойлаштириш орқали хабардор қилади.

8. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

Фойдаланувчининг жавобгарлиги:

8.1.1. Банк карта ҳисобварағида амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигига ва банкка тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилигига;

8.1.2. Банк карта ҳисобварағидан нотўғри фойдаланиши ёки ноқонуний ҳаракатлари натижасида Банкка етказилган зарарларни тўлиқ қопланишига;

8.1.3. Банк картаси йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида банкка ёзма ариза ва/ёки телефон орқали хабар бермаслиги оқибатида, банк картаси орқали амалга оширилган операцияларга.

Банкнинг жавобгарлиги:

8.2.1. Банк картаси ҳисобрақами бўйича нотўғри ёки хато бажарилган тўловлар учун, бунда, нотўғри ёки хато бажарилган тўловларни бекор қилиниши билан Банкнинг жавобгарлиги чекланади.

8.2.2. Электрон тўловларни амалга оширишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари банк томонидан бузилган тақдирда, у фойдаланувчига кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган электрон тўловнинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўланади

8.2.3. Банк қуйидагилар ҳолларда жавобгарликдан озод этилади:

  • Халқаро ва маҳаллий тўлов тизимида, шунингдек банклараро электрон тўлов тизимларида рўй бериши мумкин бўлган узилишларда;
  • Учинчи шахслар томонидан Банк карталарига хизмат кўрсатиши рад этилганда;
  • Банк картаси воситасида харид қилинган товар, иш (хизмат) сифатига;
  • Фойдаланувчи манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган даражадаги учинчи шахслар томонидан банк картаси орқали амалга ошириладиган операцияларга ўрнатилган лимитлар, чекловлар ва бошқа тўловлар;
  • Фойдаланувчи томонидан шартнома шартлари бузилганда ёки фойдаланувчи томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир қилинган ҳолда;
  • банк картаси эгасининг рухсатисиз ёки банк картаси йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида банкка ёзма ариза тақдим қилинишидан олдин банк картаси воситасида бажарилган операциялар;

8.3. Енгиб бўлмайдиган ёнғин, сув тошқини, зилзила, электр тармоғининг узилиши/тўхтатилиши ва тарафлар имкониятидан ташқари тўсиқлар (форс-мажор ҳолатлари) вужудга келганда ҳамда шу каби мавжуд бўлган бошқа ҳолатларда тарафлар мажбуриятлардан қисман ёки тўлиқ озод этилади.

8.4. Бундай фавқулодда ҳодисаларга қуйидагилар киради: сув тошқини, ёнғинлар, зилзила, портлаш, тўфонлар, тупроқнинг чўкиши, эпидемиялар, ҳамда бошқа табиий офатлар, давлат органларининг қарорлари, шунингдек урушлар ёки уруш ҳаракатлари.

9. МАХФИЙЛИК

9.1. Фойдаланувчи ушбу оферта бўйича  ахборотни кредит бюросига ва гаров реестрига, скоринг компаниясига, мобил алоқа операторига, ва зарур бўлганда, суғурта компаниясига беришга, шунингдек хизматларни амалга оширишга ва сифатини яхшилаш мақсадида шахсга доир маълумотларга ишлов бериш, фойдаланиш ва учинчи шахсга тақдим этишга розилик билдиради.

9.2. Банк барча керакли маълумотни ушбу оферта доирасида, ўз мажбуриятларни бажариш учун, учинчи шахсларга бериш ҳуқуқига эга бўлади.

9.3. Банк талаб қилиш ҳуқуқидан учинчи шахс фойдасига воз кечиши ҳолатида, ушбу оферта бўйича барча маълумотни тақдим этиши мумкин.

10. ШАРТНОМАГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАРНИ

КИРИТИШ ИМКОНИЯТИ ВА ТАРТИБИ

10.1. Банк, фойдаланувчини бу ҳақда хабардор қилиб, шартноманинг шартларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

10.2. Банк фойдаланувчига хабар юбориш орқали шартномага ўзгартириш киритилиши ҳақида хабардор этади.

10.3. Фойдаланувчи шартномага ўзгартириш киритишга рози бўлмаган ҳолда, Фойдаланувчи ўзининг рози бўлмаслиги ҳақида хабарни юбориши лозим.

10.4. Шартномага ўзгартириш киритишга рози эмаслиги ҳақидаги хабарни юборгандан кейин, Тарафлар қисқа муддатда ўзаро ҳисоб-китоб қилиши шарт.

11. БИТИМДАН ВОЗ КЕЧИШ ШАРТЛАРИ

11.1. Банк бир томонлама тартибда бирор-бир мажбуриятсиз шартномани бажаришдан воз кечиш ҳуқуқига эга.

11.2. Банк фойдаланувчига хабар юбориш орқали хизмат кўрсатишдан воз кечиш ҳақида билдиради.

11.3. Фойдаланувчи 2 кун давомида банкнинг шартнома шартларини бажаришдан бир томонлама воз кечиш ҳақидаги хабарига жавоб бермаган ҳолда, фойдаланувчи шартномани бажаришдан бир томонлама воз кечиш ҳақидаги хабарини қабул қилган, деб ҳисобланади.

11.4. Шартномани бажаришдан бир томонлама воз кечиш ҳақидаги хабарни юборгандан кейин уч кун ўтганидан сўнг, шартнома банкнинг бирор-бир мажбуриятларисиз бекор қилинган деб ҳисобланади.

11.5. Фойдаланувчи шартнома бўйича барча маблағлар, шу жумладан пеня, сарфлар, харажатлар, ҳисобланган ва микроқарз муддатининг охиригача ҳисобланиши лозим бўлган фоизлар, ва микроқарз миқдори тўланганидан кейин, шартномани бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечиши мумкин.

11.6. Фойдаланувчи шартномани бир томонлама тартибда бекор қилишни истаган ҳолда, у Банкка бу ҳақда хабарни юборади.

11.7. Шартнома Банк томонидан бир томонлама тартибда исталган пайтда, бирор-бир мажбуриятсиз бекор қилиниши мумкин.

11.8. Шартнома Фойдаланувчи томонидан фақат шартнома бўйича барча маблағлар, шу жумладан пеня, сарфлар, харажатлар, ҳисобланган ва микроқарз муддатининг охиригача ҳисобланиши лозим бўлган фоизлар, ва микроқарз миқдори тўланганидан кейин, бекор қилиниши мумкин.

11.9. Шартномани бекор қилмоқчи бўлган Тараф бошқа Тарафга бекор қилиш санасидан аввал 5 кун ичида бу ҳақдаги хабарни юборади.

12. ШАРТНОМА ТУЗИЛГАН ТИЛ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

12.1. Шартнома икки тилда, давлат ва рус тилларида тузилган.

12.2. Шартномадаги матнларнинг ўзаро зиддияти бўлганда, давлат тили устувор деб ҳисобланади.

13. ШАРТНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ,

УНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ

13.1. Мазкур оферта шартномаси, фойдаланувчи томонидан акцептланган вақтдан бошлаб сўнг кучга киради ҳамда банк картасини амал қилиш муддатига қадар амалда бўлади.

13.2. Шартнома тарафлардан бирининг ташаббуси билан ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

13.3. Ушбу шартнома фойдаланувчининг талабига биноан исталган вақтда банк хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча тўловлар амалга оширганидан кейин бекор қилиниши мумкин.

13.4. Фойдаланувчининг ташаббуси билан шартнома бекор қилинганида, шартнома доирасида муомалага чиқарилган банк картаси Банкка қайтарилиши лозим.

  1. Шартномани бекор қилиниши, банк карта ҳисобварағини ёпиш учун асос бўлади.

13.6. Шартнома муддатининг тугаши Фойдаланувчини ўз мажбуриятларини бажаришдан ва шартнома шартларини бажармаслик ёки тўлиқ бажармаслик учун жавобгарликдан озод этмайди

13.7. Мазкур шартномада кўзда тутилмаган, у билан боғлиқ бўлган барча муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тартибга солинади.

14. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

14.1. Шартнома билан боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган барча низолар ва келишмовчиликлар, имкони борича, Тарафлар ўртасида музокаралар йўли билан ҳал этилади.

14.2. Агар Тарафлар келиша олмаса, низо Банк ёки унинг таркибий тузилмаси жойлашган ҳудуднинг туманлараро фуқаролик судида ҳал этилади.

15. ШАРТНОМАНИНГ БОШҚА ШАРТЛАРИ

15.1. Ҳужжатнинг электрон версияси банк базасида сақланади.

15.2. Ушбу оферта доирасида Тарафларга барча хабарномалар, тарафлар хабар бериш ёки хабар юбориш учун манзил ёки телефон рақами, деб кўрсатган манзилга ёки телефон рақамига (қуйида матнда «Хабар бериш учун манзил») юборилади.

15.3. Тарафлар Хабар бериш учун манзилни хабарлар борлиги юзасидан мунтазам текшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

15.4. Текширмаслиги ҳолатида, улар, ушбу хабар уларга маълум бўлмагани ҳақида билдириш ҳуқуқидан маҳрум этишини тасдиқлайди.

15.5. Ўзининг Хабар бериш учун манзилини (телефон рақамини) учинчи шахсларга берган ҳолда, Фойдаланувчи ўзининг янги Хабар бериш учун манзилини билдириши шарт. Лекин бунда эски Хабар бериш учун манзилига хабарлар юборилади.

16. БАНК РЕКВИЗИТЛАРИ

16.1. АТ “Алоқабанк” (қуйида матнда “Банк”) акциядорлик жамияти шаклидаги юридик шахс қуйидаги реквизитларга эга:

а) жойлашган манзили: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 4- уй, почта индекси 100000,

б) солиқ тўловчининг шахсий рақами: 200829053,

в) Ўзбекистан Республикаси Марказий банки томонидан 27.10.2017 йилда берилган 48-сонли лицензияга эга,

г) домен манзили: www.aloqabank.uz.

 

АТ АЛОКАБАНК

Манзил: 100047, Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 4-уй

Р/С 16103000900000401001

МФО: 00401, ОКЭД: 64190,

ИНН: 200829053,

Телефон: (+99871) 230-77-77

www.aloqabank.uz

электрон почта: info@aloqabank.uz

 

Sayt materiallaridan to`liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt www.aloqabank.uz manzili ko`rsatilishi shart.